Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Жиззах тажрибаси” асосида бошланган “Жасорат мактаби” йиғини Қорақалпоғистон Республикаси ёшлари орасида ҳам катта қизиқишга сабаб бўлмоқда.
Яқинда йиғиннинг тўртинчи мавсуми ўз ниҳоясига етди. “Жасорат мактаби” йиғинининг ёпилиш маросимида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги, куч тузилмалари вакиллари, бириктирилган давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар ва ҳарбий хизматчилар иштирок этди. Сўз олганлар йиғин битирувчиларини самимий муборакбод этишаркан, келгусида ҳаёт йўлларида омад ва зафарлар тилади.
Йўлдан адашган, назоратдан четда қолган ёшларга кўмак бериш, уларни тўғри йўлга қайтариш, маънавияти ва маданиятини юксалтириш мақсадида ташкил этилган лойиҳа бугун минглаб ёшларнинг ҳаёт мактабига айланган муқаддас даргоҳ бўлиб хизмат қилмоқда.
Нукус гарнизонидаги сафарбарлик чақируви резерви батальони негизида бошланган ўн кунлик ҳарбий-ватанпарварлик йиғин иштирокчилари белгиланган кун тартиби асосида машғулотларда иштирок этиб, касб-ҳунар ўрганиши, илк ҳарбий кўникмаларга эга бўлишига алоҳида эътибор қаратилди. Дастлаб уларнинг саломатлиги Нукус ҳарбий госпиталининг малакали мутахассислари томонидан тиббий текширувдан ўтказилиб, ҳарбийча кийимлар берилди. Улар ички тартиб-интизом, ҳарбийча юриш-туриш ҳамда машғулот жадвали билан таништирилди. Ҳар бир гуруҳга малакали офицер ва сержантлар бириктирилди.
Машғулотлар давомида ёшлар билан маънавий-маърифий тайёргарлик соатлари ташкил этилиб, пневматик милтиқдан ўқ отиш, Нукус шаҳридаги Қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш маркази ўқитувчилари томонидан касб-ҳунар ўргатишга йўналтирилган машғулотлар ўтказилди. “Қўмондон ва ёшлар” учрашуви, давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза этиш органлари ходимлари томонидан мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашга қаратилган профилактик тадбирлар, тажрибали тадбиркорлар иштирокида бизнес форумлар ташкил этилди.
Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкиллаштириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида улар билан турли спорт ўйинлари ва мусобақалар, жисмоний тайёргарлик машғулотлари ўтказилди. Маданий ҳордиқ олишини таъминлаш учун ўтказилган концерт дастурлари, давра суҳбатлари, театр томошалари иштирокчиларга яхши кайфият улашди.
Йиғин давомида юқори натижаларни қўлга киритган ёшлар Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан техник ва амалий спорт турларининг кўргазмаси намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари