Беруний туманида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаевнинг тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, янги лойиҳаларни ишга туширишда учраётган муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича тадбиркорлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Тўрткўл, Беруний ва Элликқалъа туманлари ҳокимлари, мутасадди вазирлик, идора раҳбарлари, 200 нафарга яқин тадбиркор иштирок этди.
Учрашувда инвестицион лойиҳаларни ишга тушириш, маҳаллийлаштириш дастурига киритилган лойиҳалар ва экспортёр корхоналарга амалий ёрдам кўрсатиш, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг тўлиқ қувватда ишлашини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда тадбиркорликни янада ривожлантириш, улар учун барча қулай шароитларни яратиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Фақат Қорақалпоғистон учун қабул қилинган фармон ва қарорлар бу борадаги чоралар кўламини янги босқичга кўтармоқда.
Учрашувда айрим соҳа мутасаддиларининг ўз вазифасига эътиборсиз қараши ва бошқа сабабларга боғлиқ учраётган муаммолар атрофлича муҳокама қилинди. Ҳар қандай инвестицион, ишлаб чиқариш ва саноатни ривожлантириш борасидаги лойиҳалар қўллаб-қувватланиши таъкидланди.
Учрашув давомида бугунги кунда тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммолар тингланди ва билдирилган мурожаатларнинг аксариятига жойида ечим топиш чоралари кўрилди. Вақт талаб этиладиган мурожаатлар назоратга олиниб, ижобий ечим топиш бўйича тегишли соҳа мутасаддиларига топшириқ берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири