Нукус гарнизонида “Биз – Янги Ўзбекистон ёшларимиз!” шиори остида “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтди. Округ қўмондонлиги ҳамда Нукус ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан ташкил этилган экскурсияда Хўжайли туманининг чегараолди ҳудудида жойлашган “Амударё” ва “Саришунгул” овул фуқаролар йиғинида яшовчи 300 нафардан ортиқ ёш иштирок этди.
Ёшларда Ватаннинг бугуни ва келажаги учун дахлдорлик ҳиссини ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий армиямизга ишонч туйғусини янада юксалтириш мақсадида ўтказилаётган тарғибот тадбирлари доирасида бўлиб ўтган экскурсияда ёшлар дастлаб Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ тарихи акс этган музей экспозициялари билан яқиндан танишди.
Сўнг ёшлар диққатига жанговар техникалар ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси ҳавола этилиб, ҳарбий мутахассислар томонидан миллий армиямиз жанговар қудрати ҳақида маълумотлар берилди. Ҳарбий қисмда аскарлар учун яратилган шарт-шароитлар, ҳарбийлар ҳаёти ёшларни бефарқ қолдирмади. Ҳарбий қисмнинг кичик дала-ўқув майдонида юрт ҳимоячиларининг касбий маҳоратини оширишга қаратилган машғулотлар ўғил-қизларда қизиқиш уйғотди. Айниқса, ёшлар учун шу куни ҳарбий қисм саф майдонида аскарларнинг кўргазмали қўл жанги намойиши катта таассурот қолдирди.
Дарҳақиқат, сўнгги вақтларда ёшларга қаратилаётган эътибор, хусусан, уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар натижасида бугун ҳарбий бўлиш истагидаги ёшлар сони ортиб бормоқда. Бу борада ҳарбий қисм ва муассасаларга ташкил этилаётган экскурсияларнинг роли муҳим эканини таъкидлаб ўтиш лозим.
Тадбир якунида Қуролли Кучлар фахрийлари ҳамда ҳарбий прокуратура ходимлари сўнгги йилларда юртимизда, хусусан, миллий армиямизда амалга оширилаётган кенг ислоҳотлар, ҳарбий хизматчилар учун яратилган шарт-шароитлар ва имтиёзлар ҳақида гапиришди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари