Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси А.Оринбаев раҳбарлигида Орол денгизининг қуриган майдонларида 2024 йилги саксовул ва бошқа чўлга чидамли экинларни экиш ишлари бошлаб юборилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифида Орол денгизининг қуриган майдонларида “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонларини барпо қилиш, ҳудуддаги экологик ҳолатни яхшилаш, зарарли туз ва чангларни Орол денгизининг тубидан кўтарилишининг олдини олиш мақсадида бир қатор топшириқлар белгилаб берилган эди.
Бошланган эзгу ишларда ҳар йили республика вилоятларидан келган ёрдамчилар, Ўрмон хўжалиги агентлиги, фавқулодда вазиятлар, ободонлаштириш бошқармалари ходимлари ва маҳаллий фуқаролар иштирок этиб, 2018-2023 йиллар давомида 1 миллион 755 минг гектар майдонга саксовул, черкез, қандим каби шўрга ва қурғоқчиликка чидамли ўсимликлардан иборат “яшил қопламалар” барпо этилди. Эътиборлиси, шу кунга қадар 17 минг километр квадрат майдон кўкаламзорлаштирилиб, чўл ўсимликларининг кўкариши бўйича яхши натижага эришилмоқда.
Ҳозир саксовул экиш ишларида уч авлод вакиллари ва депутатлар иштирок этиб, юртимиз экологиясини яхшилаш йўлида ўзларининг салмоқли ҳиссасини қўшди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб, ушбу хайрли ташаббусда иштирок этаётган барчага машаққатли, шунинг билан бирга, шарафли ишларида зафарлар тилади.
– Хайрли ишда, айниқса, ёшлар фаол иштирок этмоқда, – дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси Арайлим Кемалова. –Бундан уч йил аввал келганимизда бундай даражада бўлади деб ўйламаган эдик. Дастлабки экилган кўчатларнинг бўйи бугун 2 метргача кўтарилган. Албатта, бу ишларнинг барчаси аҳолининг фаровон ҳаёти, ёшларнинг бахтли келажаги учун қилинмоқда.
Тадбир якунида Қорақалпоғистон Республикаси Автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси. Фавқулодда вазиятлар ҳамда Ободонлаштириш бошқармалари ходимлари, маҳалла раисларининг бир гуруҳи кўкрак нишонлари, эсдалик совғалари, фахрий ёрлиқлар ҳамда ҳарбий унвонлар билан тақдирланди.
Хайрли ишлар ушбу йилда ҳам давом эттирилиб, Орол денгизининг қуриган тубида авиация ҳамда техникалар ёрдамида жами 100 минг гектар майдонда ўрмонзор барпо этиш мақсадида саксовул, қандим, черкез каби чўлга чидамли ўсимликлар экилади. Шу асосда “Денгиз чекинса ҳам, инсон чекинмайди” деган эзгу ғоя асосида жорий йилги экиш ишларига старт берилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат, видео), ЎзА мухбирлари