Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Довут-ота” чегара божхона постига қўшни Қозоғистон Республикаси орқали пиёда кириб келган фуқаролардан бирининг қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганида, ҳужжатларда кўрсатилмаган жами 3 дона учувчисиз учиш қурилмаси, яъни дронлар борлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 15 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимиз ҳудудига учувчисиз учадиган аппаратлар, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш тақиқланади. Шунга қарамасдан, айрим фуқаролар томонидан ноқонуний равишда хориждан учувчисиз учадиган қурилмаларни олиб киришга уриниш ҳолатлари учрамоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири