Германиянинг Гамбург шаҳрида мукофот жамғармаси 200 минг АҚШ долларидан иборат “Freestyle Chess G.O.A.T Challenge” турнирининг саккиз кунлик такрорланмас шахмат мусобақаси ўз поёнига етди.
Дунёнинг 8 нафар энг кучли “ақл гимнастикаси” соҳиблари ўртасидаги мусобақаларнинг илк даврасидаги рапид йўналишида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов ғолибликка эришган бўлса, классик йўналишдаги мусобақада 4-ўрин билан кифояланди.
Кеча Нодирбек 3-ўрин учун кечган ўйиннинг 2-партиясида қора доналарда АҚШ шарафини ҳимоя қилган Левон Аронянга қарши баҳс олиб борди. Мазкур учрашувнинг 1-партиясида дуранг натижа қайд этилган эди. Бу сафар Нодирбекка омад кулиб боқмади. 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди ва 4-ўрин билан кифояланиб, турнир низомида белгиланган 20 минг АҚШ долларига эга чиқди.
Нуфузли турнирда муносиб натижага эришган ҳамюртимиз норвегиялик Магнус Карлсен, америкалик Фабиано Каруана, асли арманистонлик, ҳозирда АҚШ байроғи остида ўйнайдиган Левон Аронян ва мусобақада 5-ўриндан жой олган Франция вакили Алиреза Фирузжа қатори “Freestyle Chess G.O.A.T Challenge” турнирининг 2025 йилги баҳсларида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди.
Айтиш лозим, мусобақанинг классик йўналишида Каруанани доғда қолдирган Магнус Карлсен ғолибликка эришди. 5-ўрин Алиреза Фирузжа, 7-ўрин эса германиялик Каймарга насиб қилди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА