“Жаҳон етакчилари бемаъни қуролланиш пойгасига барҳам бериб, ресурсларни иқлим ўзгариши оқибатига қарши курашга йўналтириши керак”, – деб баёнот берди Бангладеш Бош вазири Шайх Ҳасина.

Dhaka Tribune” нашри ёзишича, ҳукумат раҳбари Хавфсизлик бўйича Мюнхен конференциясида сўзга чиқиб, жаҳон еткчиларига қарата “инсониятнинг яшаб қолиш масаласи энг биринчи муаммога айланган бир пайтда тор манфаатни кўзлаш ҳеч қандай ижобий натижа бермайди”, деган.

***

АҚШ билан хавфсизлик кафолати тўғрисидаги битим июлда бўлиб ўтадиган НАТО саммитигача имзоланиши мумкин, деди Украина Бош вазирининг Европа ва Евроатлантика интеграцияси масаласи бўйича биринчи ўринбосари  Ольга Стефанишина.

Аввалроқ АҚШ давлат департаменти вакили Дэниэл Сайзек Вашингтон билан Киев ўртасида хавфсизлик кафолати тўғрисида шартнома муҳокама қилинаётгани ҳақида баёнот берган эди.

***

Ереван ва Боку ўртасидаги тинчлик шартномасининг айрим муҳим бандлари  ҳозирча келишиб олингани йўқ, деди Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Германияда арман жамоатчилиги билан кечган учрашувда.

“Тинчлик шартномасининг қатор бўлимлари келишилган, лекин бир неча муҳим банд бўйича ҳали келишувга эришилгани йўқ, бу масалалар устида ишлаш керак”, – деган Пашинян.

***

Конго Демократик Республикаси Руандани Гома шаҳри аэропортига дрон ҳужуми уюштирганликда айблади, деб хабар тарқатди “AFP” агентлиги.

Аввалроқ “Франс Пресс” Конго шарқидаги Гома шаҳри аэропорти ҳудудига бомба тушгани ҳақида хабар тарқатган эди. Бу ерда бир неча йилдан буён ҳукумат армияси билан исёнчилар ўртасида жанг бормоқда.

***

Сенегалда президент сайловини ўтказиш талаби билан оммавий намойиш бўлиб ўтди, деб ёзди “Франс Пресс” агентлиги.

Аввалроқ мамлакат парламенти сайлов санасини 2024 йил 15 декабрга кўчириш тўғрисида қонун қабул қилган.

Намойишчилар қўлларида “Сайлов муддатига амал қилинг!”, “Конституцион тўнтаришга йўл қўйилмайди!”, “Озод Сенегал!” сингари ёзувлар туширилган лавҳларни кўтариб олган.

***

– Тайвань бўғозида тинчлик, барқарорлик сақланиши учун Тайвань мустақиллиги кескин рад этилиши керак, – деди Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Хавфсизлик бўйича Мюнхен конференцияда. – Тайвань Хитой ҳудудининг ажралмас қисми, бу масала Хитойнинг ички иши, шу боис ягона Хитой тамойилига амал қилиниши керак.

***

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Арманистон Украина масаласида Россияни қўллаб-қувватламайди, дея баёнот берди.

“Аввал ҳам айтганмиз, Арманистон Украина масаласида Россия иттифоқчиси эмас, бу бизнинг аниқ қарашимиз”, деди Пашинян.

***

Америкалик ҳарбийлар хусийларнинг сув ости дронларини аниқлади, деб хабар тарқатди АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги.

Баёнотда айтилишича, бу Яман шимолини назорат қилаётган “Ансор Аллоҳ” ҳаракати ихтиёрида сув ости дронлари борлигининг илк далилидир.

***

– Урсула фон дер Ляйен Европа комиссияси раислигига иккинчи муддат сайланиш нияти борлигини маълум қилди, – деб ёзди “Bild” нашри ўз манбаларига таяниб. – Мюнхенда бўлиб ўтаётган хавфсизлик бўйича конференцияда чиқиш қилгандан кейин мулозим Берлинга келади ва шу ҳақда маълум қилади.

С.Раҳимов, ЎзА