Беларусь Президенти Александр Лукашенко саккиз хорижий мамлакат элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди. Бу ҳақда “БелТА” хабар берди.
Давлат раҳбарига ишонч ёрлиқларини Ўзбекистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Туркия, Япония, Непал, Ўмон Султонлиги ва Гвинея Республикаси элчилари топширди.
Лукашенко маросим иштирокчиларига мурожаат қиларкан, жумладан, қуйидаги фикрларни билдирди:
– Биз хавфсизликни сақлаш, адолатли дунё қуриш, ресурсларни одилона тақсимлаш, меҳнат самарадорлигини таъминлаш орқали инсонлар турмуш даражасини ошириш мумкин, деган тамойилга таянамиз. Бундай натижага фақат биргаликда ҳаракат қилиш орқали эришиш мумкин. Фақат тинчлик ва барқарорликдагина фарзандларимиз, невараларимиз учун муносиб келажакни кафолатлай оламиз.
Давлат раҳбари таъкидлашича, мамлакат ташқи сиёсати ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқ ва одиллик тамойилига асосланганини қайд этди. Беларусь доимо ҳар қандай масала бўйича истисносиз барча билан мулоқотга тайёр, келишиш истагидаги давлатлар билан ҳамкорликка эса алоҳида эътибор қаратади.
Анъанага кўра, етакчи ҳар бир элчи билан давлатлар ўртасидаги шериклик ҳолатига қисқача тўхталди.
– Беларусь учун Ўзбекистон билан кенг қамровли ҳамкорлик ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга, – деди Президент мамлакатимизнинг Минскда фаолият бошлаган Фавқулодда ва мухтор элчиси Раҳматилла Назаровдан ишонч ёрлиғини қабул қилар экан.
Александр Лукашенко яқинда Тошкентда бўлиб ўтган самимий қабул, сермазмун мулоқот учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорлик билдирди.
– Ишончим комилки, сиз, элчи жаноблари, Беларусда ишлаган ва мамлакатимизни яхши билган инсон сифатида олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишда бор имкониятларни, икки томонлама алоқани мустаҳкамлаш учун билим ва тажрибангизни ишга соласиз.
Ғ.Хонназаров, ЎзА