Шарқий Европада, Болтиқ денгизи бўйида жойлашган Литванинг пойтахти –  Вильнюс шаҳри.

Мустақил демократик республика – Литванинг амалдаги конституцияси 1992 йил қабул қилинган. Ушбу қомусга бир неча бор ўзгариш киритилган. Давлат бошлиғи – Президент умумий тенг ва тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан 5 йил муддатга сайланади. Қонун чиқарувчи олий органи – сейм – бир палатали парламент. Ижро ҳокимияти – ҳукумат.

Мамлакат оммавий ахборот воситалари орасида маҳаллий тилдаги кундалик газета “Литва акс садоси” 1917 йилдан бошлаб чоп этилади. Шунингдек, “Литва тонги”, “Она диёр”, “Уйғониш”, “Дўстлик” каби етакчи газета, журналлар, электрон нашрлар мавжуд. Литвада радио 1926 йил, телевидение 1957 йил иш бошлаган.

1920 йил ташкил этилган Литва ахборот агентлиги – LETA янгиликлари ва тасвирларидан турли порталлар, радиостанциялар, телевидение, республика, вилоят ва туман матбуот нашрлари, хорижий ахборот агентликлари кенг миқёсда фойдаланади.

Ҳукумат, парламент, вазирлик, идоралар ва бошқа давлат муассасалари, хорижий дипломатик ваколатхоналар ходимлари, чет эл бизнес корхона-ташкилотлари вакиллари, шунингдек хусусий фойдаланувчилар ҳар куни Агентлик сайтида бериладиган асосий янгиликлар оқимидан баҳраманд бўладилар.

Сиёсат, бизнес, спорт, маданият янгиликлари маҳаллий ва хорижий фойдаланувчилар учун литва, инглиз ва рус тилларида тайёрланади, матбуот хабарномалар лотин алифбосига асосланган турли тилларда тарқатилади.

LETA фотобанки миллиондан зиёд фотосурат жамланган архивга эга. Агентлик кўп йиллар давомида мамлакатдаги ягона фото йилномачи бўлиб келган. Шунинг учун ҳам машаққат билан тўпланган бу архив ОАВ, турли муассасалар, энциклопедия, тарих тадқиқотчилари ва жисмоний шахслар учун жуда қимматли.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Литва ўртасида 1992 йил 2 сентябрь куни дипломатик муносабат ўрнатилган.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА