Индонезия фуқаролари – мамлакатдаги 204 миллионга яқин сайловчи умумий сайловда овоз бериш орқали янги президент, вице-президент, туман раҳбарлари ва губернаторларни сайлаш ҳамда парламент таркибини аниқлаш учун сайлов участкаларига боришяпти.

Маҳаллий манбаларга кўра, овоз бериш соат 07:00 да бошланиб, 13:00 да якунланган, аммо қатор ҳудудларда ноқулай об-ҳаво шароити ва кучли ёмғир сабаб сайлов участкалари кеч очилган. Бўрон ва сув тошқини туфайли 10 та қишлоқда сайлов қолдирилган.

Қайд этилишича, овозларни санаш аллақачон бошланган, натижани расман эълон қилиш бир ойга чўзилиши мумкин.

Aгар номзодлардан бири 50 фоиздан кўп овоз ололмаса, 26 июнь куни сайловнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтади.

10 февраль куни сайлов кампанияси расман якунига етган. Индонезия президентлиги учун уч номзод – амалдаги мудофаа вазири Прабово Субианто, Марказий Ява собиқ губернатори 55 ёшли Ганжар Праново ва Жакарта собиқ губернатори Aниес Басведан даъвогарлик қилмоқда.

Мамлакатнинг амалдаги етакчиси Жоко Видодонинг ўғли Гибран Ракабуминг Рака янги вице-президент бўлиши кутиляпти.