Мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди!” ҳуқуқий акцияси доирасида Чимбой тумани “Aбат” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқароларга қарийб 30 йилдан сўнг никоҳ қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома топширилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги мутахассисларининг таъкидлашича, жорий йилнинг 20 мартига қадар ўтказилаётган мазкур ҳуқуқий акция доирасида туғилиши қайд этилмаганлиги оқибатида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлмаган, яқин қариндошининг ўлими қайд этилмаган, туғилганлиги ёки яқин қариндошининг ўлими ҳақидаги тиббий маълумотномага эга бўлмаганлиги сабабли юридик фактни белгилаш юзасидан судларга мурожаат қилиши лозим бўлган шахсларга ёрдам берилмоқда.
Чимбой тумани “Aбат” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1965 йилда туғилган Ж.Д. ҳамда 1966 йилда туғилган У.Ш. шу давр мобайнида бир оила бўлиб яшаб келиб, никоҳи қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномага эга бўлмаган. Чимбой тумани адлия бўлими ҳамда туман ФҲДЁ бўлими мутахассислари томонидан уларга никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома топширилди.
Акция доирасида туман адлия бўлими ходимлари томонидан фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири