Хабарингиз бор “Париж-2024” ёзги Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган футбол беллашувлари учун саралаш даври ўз якунига етмоқда. Бугунги кунга келиб, Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган жамоалар сони 12 тани ташкил этмоқда.
Ҳозирда яна 4 та терма жамоа учун лицензия мавжуд. Аниқроғи, эркаклар ўртасидаги квалификация мусобақаси 15 апрель – 3 май кунлари Қатарда ўтадиган U23 Осиё кубогидан сўнг деярли якунланади.
Мазкур мусобақа регламентига кўра, унда биринчи, иккинчи ва учинчи ўринни эгаллаган жамоалар тўғридан-тўғри “Париж-2024” йўлланмасига эга чиқади. Тўртинчи ўрин эгаси эса Африка қитъасидаги мусобақада 4-ўринни эгаллаган жамоа билан сўнгги йўлланма учун кураш олиб боради, дея хабар бермоқда Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Маълумот учун, ҳозирда Франция, АҚШ, Доминикан Республикаси, Испания, Исроил, Украина, Марокаш, Миср, Мали, Янги Зеландия, Парагвай ва Аргентина терма жамоалари Олимпия ўйинларига йўл олган.
Эслатиб ўтамиз, Англия, Шимолий Ирландия, Шотландия ва Уэльс спортчилари Олимпия ўйинларида Буюк Британия байроғи остида иштирок этади. Аммо, Бирлашган Қироллик ФИФАнинг расмий аъзоси бўлмагани учун Англиянинг чемпионлиги лицензион турнирда ўйналган йўлланмаларга таъсир қилмаган.
Дарвоқе, яна бир муҳим хабар Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Қатарда ўтадиган Осиё кубогида Малайзия, Вьетнам ва Қувайт билан “D” гуруҳидан ўрин олган.
Ушбу гуруҳни вакилларимиз биринчи ўрин билан якунласа, чорак финалда “С” гуруҳининг иккинчи ўрин эгаси билан куч синашади. Иккинчи бўлиб гуруҳдан чиқишса, “С” гуруҳи ғолиби билан ярим финал йўлланмаси учун курашни давом эттиради. “С” гуруҳида эса Саудия Арабистони, Ироқ, Таиланд ва Тожикистон каби терма жамоалар ўрин олган.
Олимпия терма жамоамиз Осиё кубогидаги илк ўйинини 17 апрель куни Малайзия термасига қарши ўтказади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА