Ўтган ҳафта Жанубий Каролина штатида бўлиб ўтган митингда Трамп НАТО аъзолари томонидан маблағ йиғилишини “ҳуқуқбузарлик” деб атаган. Шунингдек, собиқ раҳбар, лозим бўлса, Россияни хоҳлаган ишини қилишга ундай олишини айтган. Бунга жавобан Байден “Собиқ Президент дунёга хавфли ва ҳайратланарли, очиғини айтганда, Америкага зид сигнал юборди”, деган. Амалдаги етакчининг фикрига кўра, Трамп сўзлари Россияни АҚШ иттифоқчиларига нисбатан босқин уюштиришга таклиф қилишдир.
– АҚШ собиқ Президенти шундай дейишини тасаввур қила оласизми?, – деди Байден. – Буни бутун дунё эшитди. Энг ёмони, унинг ўзи буни хоҳлаяпти… Тарихимизда ҳеч бир Президент Россияга таъзим қилмаган, мен ҳам ҳеч қачон бундай қилмайман.
Шунингдек, Қўшма Штатлар раҳбари Украинани қўллаб-қувватламаслик Путинни қўллаш билан баробарлиги, Россия Президенти ҳужуми Украина чегарасидан чиқиб, Европага чуқур кириб бориши мумкинлиги ҳақида гапирган.
Европанинг 29, Шимолий Американинг икки давлатидан иборат ҳарбий иттифоқ – НАТО низомида ҳужумга учраган ҳар қандай аъзо давлатни ҳимоя қилиш зарурлиги ҳақида банд мавжуд. Украина Альянс аъзоси бўлмаса-да, давлатлар Киев ҳарбий мудофаасини қўллаш бўйича АҚШ саъй-ҳаракатига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Трамп ташкилотни биринчи марта танқид қилаётгани йўқ, президентлиги даврида, ҳатто, АҚШни ташкилотдан чиқариш билан таҳдид қилган.