Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида Хитой Халқ Республикасининг “Chui Zhou Chen” компанияси директори Чин Чаожеа билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда бошқарма бошлиғи Казбек Артиков Қорақалпоғистон Республикасидаги мавжуд ресурслар, ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ва бизнес муҳитни ривожлантириш бўйича инвесторларга яратилган имкониятларга тўхталди. Шунингдек, тарафлар Қорақалпоғистон Республикасида замонавий технологияларни амалга жорий этиш орқали лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича фикр алмашди.
Бундан кейин хитойлик тадбиркор Чин Чаожеа Тахиатош туманида бўлиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва инвестиция киритиш мақсадида бўш турган бинолар билан танишди.
– Биз Қорақалпоғистон Республикасида пластик қувурлар ишлаб чиқариш йўналишида бизнес фаолиятни йўлга қўйишни, бу йўналишда 500 минг долларлик инвестиция киритишни ва ишсиз халқ қатламини доимий иш билан таъминлашни ўз олдимизга мақсад қилдик – дейди компания директори Чин Чаожеа.
Тарафлар замонавий лойиҳаларни амалга ошириш борасида ҳамкорлик режаларини келишиб олди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири