Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ишлари мунтазам равишда олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида илгари суд қарори билан асоссиз судланган фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тиклаб берилди. Жумладан, фуқаро Р.Файзуллаевга илгари содир этмаган жинояти учун 4 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланиб, унга гўёки етказган зарарини қоплаш учун пул маблағи тўлатилган. Лекин у Қорақалпоғистон Республикаси судининг қарори билан ўзига нисбатан қўлланилган жазодан озод этилиб, оқланган.
Жиноят ишлари бўйича Шуманай туман суди 2023 йил 14 ноябрда Р.Файзуллаев томонидан зарар сифатида тўланган 474 миллион 769 минг 79 сўм пул маблағини “Қарақалпақ Агросервис МТП” масъулияти чекланган жамиятидан ундириш ҳақида ажрим чиқарган.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг банк ҳисоб рақамлари хатловга олинди. Натижада 474 миллион 769 минг 79 сўм пул маблағи “Қарақалпақ Агросервис МТП” МЧЖнинг банк ҳисоб рақамидан жорий йил 5 февраль куни тўлиғи билан мажбурий тартибда Р.Файзуллаев фойдасига ундирилиб, фуқаронинг бузилган ҳуқуқи тикланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири