Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси, O’zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида аҳоли, хусусан, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш, оилалар даромадини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Учрашувда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда аграр соҳани тубдан ислоҳ қилиш ва уни бозор талабларига мослаштириш ишларига  катта  эътибор  қаратилмоқда. Бозорларимиз, қолаверса, халқимиз дастурхони тўкин-сочинлиги йўлида  меҳнат қилаётган  деҳқон, фермерлар нафақат ўз оиласи, балки иқтисодиётнинг ҳам муҳим таянчи ҳисобланади.  Соҳада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг қарийб барчаси фермер хўжаликлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Озиқ-овқат хавфсизлигини ва ички бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш, аграр соҳада аҳолининг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг даромадларини ошириш, шунингдек, “Бир ҳудуд – бир маҳсулот” тамойили асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида “Озод Интенсив боғ” фермер хўжалигида семинар ташкил қилинди. Унда мазкур тамойил асосида деҳқон хўжаликлари фаолиятини ташкил этиш борасидаги ишлар, экспортбоп маҳсулотларни етиштириш тажрибалари намойиш этилди.  Шунингдек, Беруний тумани мисолида деҳқон хўжаликларини сифатли уруғлик билан таъминлаш, экспортчи-агрегаторлар билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Семинар иштирокчиларига давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 10 сентябрдаги “Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, деҳқон хўжаликларини ташкил этиш билан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспорт салоҳиятини ошириш, кооперация тамойиллари асосида экспортбоп экинларни оқилона жойлаштириш, кафолатли харид қилиш масалалари тушунтирилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири