Қиш фасли–иш фасли

Бугунги кунда шўр ювишга ер тайёрлаш, лазерли текислашнинг аҳамияти, суғориш мавсумига ирригация тармоқлари ва насос агрегатларини тайёрлаш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар билан кенг жамоатчиликни таништириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Беруний туманига пресс-тур ташкил қилинди.

Дастлаб журналистлар тумандаги “Аксакал-ача”насос станциясида бўлиб, насос агрегатларининг суғориш мавсумига шайлиги ҳамда насос станцияларида электр энергияни иқтисод қилиш, таъмирлаш борасидаги ишлар юзасидан масъуллардан маълумот олишди. Иккинчи манзилда оммавий ахборот воситалари вакиллари ер ости сувлари сатҳини онлайн кузатувчи “Дайвер” қурилмалари билан танишди.

Таъкидланганидек, Беруний туманида 33 минг 608 гектар суғориладиган ер мавжуд бўлиб, шундан жорий йил ҳосили учун 14 минг 114 гектар ернинг шўрини ювиш ишлари самарали олиб борилмоқда. Маълумот берилишича, туманда ҳозирги кунгача 93 дона кузатув қудуғига “Дайвер” ускунаси ўрнатилган бўлиб, автоматлашган марказий ахборот тизимига ўтказилди. Барча кузатув қудуқларининг кўрсаткичлари тўғридан-тўғри интернет орқали юритилмоқда. 2024 йил тумандаги кузатув қудуқларига 61 дона ана шундай рақамли технологияни ўрнатиш режалаштирилган.

–Туманимизда сув ресурсларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, сув ресурсларининг давлат бошқарувини амалга ошириш ва сувдан фойдаланишнинг давлат сув хўжалиги тизимини замонавийлаштиришни таъминлаш, суғориладиган ерларнинг ҳолатини яхшилаш, сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Беруний насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи Жасур Халмуратов. – Жумладан, ҳозирги кунда 53 та насос станция, 119 та агрегат бор.

Бошқарма тасарруфидаги давлат насос агрегатларини 2023-2024 йилги куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича 47 дона насос агрегатини таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, шу кунгача 35 донаси мавсумга соз ҳолатга келтирилди. Ушбу ишларни жорий йилнинг 31 март кунига якунлаш юзасидан барча чоралар кўрилмоқда.

Насос агрегатларини 2024 йили эксплуатация қилишда 26 миллион 500 минг кВт.соат электр энергияси лимитидан самарали ва мақсадли фойдаланиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, жорий шўр-ювиш мавсумида Беруний, Тўрткўл, Элликқалъа туманларига Амударёдан жами 138 миллион м3 чекланган сув лимити режаси белгиланган бўлиб, ушбу режанинг ўз муддатида тўлиқ бажарилишига эришишнинг барча чоралари кўрилади.

Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари шўр ювиш, суғориш мавсумида сувнинг ҳисоб-китобини юритиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш масалалари юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат+видео), ЎзА мухбирлари