Нукусда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиали янги биноси очилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев соҳа ходимларини янги бинонинг фойдаланишга топширилиши билан муборакбод этди ва давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди. Соҳани ривожлантириш бўйича қабул қилинган фармон ва қарорлар, белгилаб берилган вазифалар кенг кўламли ишларга асос бўлиб хизмат қилмоқда. Шундай эзгу ишларнинг давоми сифатида Нукус шаҳрида шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази филиали янги биноси фойдаланишга топширилди.

Жами 61 миллиард сўм маблағ эвазига қад ростлаган 4 қаватли янги бино замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Натижада бугунги кунга қадар Тошкент шаҳрида ўтказилиб келинган айрим мураккаб жарроҳлик амалиётларини эндиликда шу ернинг ўзида ўтказиш имконияти яратилди. Бино 130 ўринга мўлжалланган бўлиб, қўшимча 50 ўрин ташкиллаштирилиши режалаштирилмоқда.

Янги тиббиёт муассасаси биносида хорижий давлатларнинг тажрибали шифокорлари билан ҳамкорликда айрим мураккаб жарроҳлик амалиётларини, тиббиёт соҳасидаги илғор тажрибалар бўйича маҳорат дарсларини  ўтказиш, ўз навбатида, маҳаллий шифокорларнинг чет давлатларнинг нуфузли даволаш муассасаларида малака ошириши назарда тутилмоқда.

Тадбир иштирокчилари янги бинода яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири