Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида раҳбарият ва шахсий таркиб ўртасида коррупцияга йўл қўймаслик, унинг олдини олиш бўйича профилактик учрашувлар мунтазам ўтказилиб келинмоқда.

Навбатдаги мана шундай учрашувда сўзга чиққан бошқарма бошлиғи ўринбосари О.Қодиров бугун давлатимиз раҳбари томонидан божхона тизимига қаратилаётган эътибор ва билдирилаётган ишончни оқлаб, бор куч-ғайрат билан ҳалол хизмат қилиш муҳимлигини таъкидлади.

Миллат заволи ҳисобланувчи коррупция барча замонда ҳам жамият илдизига болта урувчи иллат сифатида қораланиб келинган. Бугун божхона органларида ҳам ходимлар орасида таъмагирлик, порахўрлик жиноятларига қўл урилмаслигини таъминлаш мақсадида шахсий таркиб билан мунтазам равишда профилактик учрашувлар ўтказилиб борилиши йўлга қўйилган.

Тадбирда мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, давлат бюджетига божхона тўловларининг тўлиқ ва тўғри ундирилишини таъминлаш каби масъулиятли вазифалар ижросини сидқидилдан бажариш ҳар бир божхоначининг функционал вазифаси саналиши,  бирон ходимнинг қасамёдига хиёнат қилиб, моддий манфаатдор бўлишга ҳаққи йўқлиги уқтирилди.

Таъкидлаш жоизки, бошқарма ва барча божхона постларида хизматнинг тўғри ташкил этилиши, ходимлар томонидан товар ва транспорт воситалари, фуқаролар ҳамда уларга тегишли бўлган багаж ва қўл юкларининг божхона назоратидан тўлақонли ўтказилиши, ижро интизомига риоя этилиши, шу билан бирга, ходимларнинг ҳушёрлигини ошириш мақсадида 2024 йил январь ойи давомида 3 маротаба хуфёна тарзда текширув ишлари олиб борилди. Хизмат вазифаларига юзаки ёндашиб, функционал вазифаларини тўлақонли бажармаётган ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Коррупцияга қарши курашга жамиятнинг ҳар бир вакили масъулдир. Шундай экан, агарда кимдир божхона ходимларининг ноқонуний коррупцион тусдаги хатти-ҳаракатларининг гувоҳи бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг ишонч телефони рақамларига мурожаат қилиши лозимлиги қайд этилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири