Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали “Ветеринария ва зооинженерия” факультетида талаба-қизлар ўртасида “Факультет гўзали” танлови ўтказилди.

Қизиқарли таассуротлар ва ҳаяжонларга бой тарзда ўтган танловда 12 нафар талаба иштирок  этиб, 4 та шарт бўйича ўз маҳоратини намойиш этди. Айниқса, ҳар миллатдан бир нафар меҳмон шарти бўйича иштирокчи қизлар туркман, қозоқ, озарбайжон, рус, украин ва корейс миллатларининг урф-одати  ва анъаналарини кўрсатиб берди. Гўзал қизлар турли миллатларнинг миллий либосларида янада латофатли ва  жозибадор кўринди. Шунингдек, халқ мақолларини айтиш, қизлар тарбиясига оид саҳна кўринишларида ҳам иштирокчилар ўзларининг ажойиб ижроси билан  ҳакамлар ҳайъати аъзоларида илиқ таассурот қолдирди.

Танлов якунида 1-босқич талабаси Зарина Зарипбаева ғолибликни қўлга киритиб, “Факультет гўзали” номинациясига лойиқ деб топилди.

Тақдирлаш маросимида факультет декани А.Каниязов ғолиб ҳамда фаол иштирокчиларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширди. Иштирокчиларга филиалнинг иқтидорли талабалари томонидан концерт дастури намойиш этилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири