Бугун мамлакатимизда инвестицион жозибадорликни ошириш, саноат корхоналарида ишлаб чиқаришга хорижий инвестиция маблағларини жалб этиб, ишлаб чиқариш ҳажми ва давлатимиз ташқи савдосида экспорт товарлар улушини орттириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси 2024 йилда 34 та лойиҳага жами 604 миллион АҚШ доллари хорижий инвестицияси ва кредитларни ўзлаштиришга масъул этиб белгиланган.
Ушбу корхоналарда инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши жараёнлари ва мавжуд муаммоларни ўрганиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғи И.Казаков Нукус шаҳридаги “Karakalpak basaltwool” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, базальт минералидан иссиқлик сақловчи материаллар ишлаб чиқариш лойиҳаси билан яқиндан танишди.
Умумий қиймати 52,8 миллион АҚШ доллари бўлган мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши учун 5 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, бугунги кунда корхонанинг қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Ўзига хос ноёб базальт минералидан иссиқлик сақловчи материаллар ишлаб чиқариш корхонасининг ишга туширилиши 250 та маҳаллий аҳолини доимий иш ўрни билан таъминлайди. Йилига 40 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўладиган мазкур лойиҳа ишга туширилгач, 80 фоиз маҳсулотнинг экспортга йўналтирилиши ҳам режалаштирилган.
Бу каби инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши аҳоли фаровонлигига хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири