ФОТОРЕПОРТАЖ

Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани “Қиличбой” овул фуқаролар йиғинидаги 22-мактабгача таълим ташкилотида таълим-тарбия сифатини ошириш йўлида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ушбу маскан 1980 йилда 80 ўринга мўлжаллаб қурилган. Сўнгги йилларда ҳудудда аҳоли сони ортиб бораётгани сабаб, муассасада қўшимча бинога эҳтиёж сезилди. Шу боис, 2018 йилда “Обод қишлоқ” дастури доирасида муассаса учун 60 ўринга мўлжалланган қўшимча бино қурилиб, эски бино қайта таъмирланди.

Ҳозирда 225 нафар ўғил-қиз тарбияланаётган масканда болажонларнинг сифатли таълим-тарбияси учун барча шароит яратилган. Машғулот хоналари, тадбирлар ўтказиш зали, овқатланиш, ювиниш хоналари тарбияланувчилар ихтиёрида.

Масканда  “Илк қадам” дастури асосида дастлабки билим ва кўникмани шакллантирувчи машғулотлар йўлга қўйилган. Рус ва инглиз тили, мусиқа, рақс, шахмат-шашка, ўйинчоқлар ясаш каби тўгараклар фаолият юритмоқда. Малакали тарбиячилар болажонларнинг ҳар бир куни мазмунли ўтиши учун бор имкониятини ишга солган.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат, видео), ЎзА