Қарор ва ижро
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2022 йил 1 январдан бошлаб мамлакатимизнинг ҳар бир шаҳар ва туманларидаги овул ва маҳаллаларида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилди.
– Ҳудудимиздаги 40 та маҳалла ва овулда ҳоким ёрдамчилари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ҳозир улар томонидан маҳаллаларда ишсизликни камайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Бобур Алимов. – Хусусан, ҳоким ёрдамчилари томонидан 2023 йилда 209 нафар ишсиз фуқарога жами 1,9 миллиард сўмлик субсидия, 3 минг 660 нафар ўз тадбиркорлигини йўлга қўймоқчи бўлган ишсиз фуқарога жами 73,6 миллиард сўмлик кредит ажратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 10 сентябрдаги “Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 646 нафар фуқарога жами 362 гектар ер майдони “E-AUKSION” электрон савдо платформаси орқали сотилди.
Бундан ташқари, туманда 2023 йил якунига қадар ишсиз аҳолини доимий, вақтинчалик ва мавсумий иш билан банд қилиш бўйича 19,8 минг иш ўрни яратиш режаси белгилаб олинди.
Тумандаги янги инвестиция лойиҳалари ҳамда ҳоким ёрдамчилари томонидан ташкил қилинган янги кичик бизнес субъектларида иш ўринлари яратиш орқали амалда 21 минг 616 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, 516 та янги кичик бизнес субъектини ташкил қилиш режасини бажариш мақсадида сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, тумандаги тижорат банки раҳбарлари, молия ва ғазначилик бўлими, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчилари билан биргаликда ҳар чоракда биттадан янги субъектни ташкил қилиш бўйича ишлар олиб борилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси томонидан 2023 йил 2 февралда ўтказилган йиғилишда берилган топшириққа асосан, туманда янги кичик бизнес субъектларини ташкил этиш бўйича маҳаллалардаги тўртлик (маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси) томонидан жами 74,6 миллиард сўмлик 490 та лойиҳа амалга оширилди. Мазкур лойиҳалар асосида 879 нафар иш ўрни яратилди.
2022 йил 25 июлдаги “Маҳаллаларда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачилик микромарказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, бир нечта маҳаллалар туташган марказларда “Микромарказ” ташкил қилиш белгиланганлиги кўрсатилган. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида тумандаги “Элликқалъа” овули ҳудудида бўш турган бинодан мақсадли фойдаланган ҳолда уни аукцион орқали ижарага олиб, “Микромарказ” ташкил қилинди. Мазкур марказда 20 нафар (шундан 10 нафари “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”дан) ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланишига эришилди.
Элликқалъа тумани асосан туризм ва узумчиликка ихтисослашганлигини инобатга олиб, Шарқ юлдузи овули ҳамда Сахтиён шаҳарчасини туризм маҳалласига айлантириш мақсадида мазкур маҳаллаларнинг ҳоким ёрдамчилари шу йўналишда малакаларини ошириб келди. Ҳозир туманда “Ақчакўл” бўйида туризм рекреацион ҳудудини ташкил қилиш бўйича ишлар жадал амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳани ишга тушириш орқали ҳоким ёрдамчисининг маҳалла хатлови асосида шакллантирилган ишсизлар биринчи навбатда ишга жойлаштирилиши белгиланган. Бундан ташқари, Шарқ юлдузи овулида узумчилик плантациялари ташкил қилиш ишлари бошлаб юборилди.
Ҳозир маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари тумандаги иқтисодий соҳа ташкилотлари раҳбарлари билан биргаликда камбағалликни қисқартириш борасида “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурини ташкил қилиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиб, мазкур дастурнинг қулайликлари тўғрисида тумандаги 300 нафардан ортиқ лидер тадбиркор билан суҳбат ташкил қилинди.
Ҳоким ёрдамчилари томонидан тумандаги тадбиркорларнинг ўз ташаббуслари билан аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича амалга оширилаётган ишларига қўшимча равишда инфратузилмаларни яхшилаш, имтиёзли кредитлар ажратиш, субсидия ва молиявий кўмак ҳамда солиқ ва божхона имтиёзлари бўйича таклифлари ҳам шакллантирилди. Мазкур таклифларнинг ижобий ҳал қилиниши ташаббускор тадбиркорлар томонидан яна қўшимча ишчи ўринлари яратилишига ҳамда ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланишига асос бўлиб хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири