Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти томонидан “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” муносабати билан тарғибот тадбири ташкил этилди.

Маълумки, ҳозирги кунда деярли бутун дунё дуч келаётган асосий муаммолардан бири экология бўлиб ҳисобланади. Шу боис атроф-муҳит софлигини сақлаш, экологиямиз ифлосланишининг олдини олиш жуда аҳамиятли мавзуга айланмоқда. Ўзбекистон Экологик партияси бу борада муҳим ташаббусларни илгари суриб келмоқда.

“Янги авлод кадрлари” лойиҳаси доирасида “Биз, келажак ёш лидерлари Экопартияни танлаймиз” мавзусида ўтказилган ушбу тадбирда филиал директори А.Есимбетов, Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти Кенгаши ижроия қўмитаси раиси А.Бегимова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Б.Матмуратов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси Б.Жиенбаев сўзга чиқиб, бугунги кунда экологик муаммоларни бартараф этиш ва атроф-муҳит бузилиши, ҳавонинг ифлосланиши каби салбий оқибатларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталди.

Тадбирда ёшларга партиянинг кўзлаган эзгу мақсади ҳамда вазифалари, экология барқарорлигини таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш борасидаги фаолияти ҳақида маълумотлар берилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири