Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенат ялпи мажлисида шу мақсадга қаратилган қонун муҳокамасида Фуқаролик кодексига ва “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётгани қайд этилди.

Фуқаролик кодексига киритилаётган қўшимчаларга асосан, аҳоли ва тадбиркорларга ажратилган микроқарз ёки кредит бўйича амалга оширилган тўлов суммаси, агар қарз олувчининг мажбуриятларини бажариш учун етарли бўлмаса, қарз олувчининг қарзи белгиланган тартибда ундирилади.

Энг аввало, асосий қарз бўйича муддати ўтган қарздорлик ва муддати ўтган фоиз тўловлари мутаносиб равишда узилади. Сўнгра жорий давр учун ҳисобланган фоизлар ва жорий давр учун асосий қарз бўйича қарздорлик сўндирилади. Учинчи навбатда, неустойка (жарима, пеня)лар ва кейинги навбатда кредиторнинг қарздорликни узиш билан боғлиқ бўлган бошқа харажатлари ундирилади.

Шу билан бирга, Фуқаролик кодексига кредит бўйича қарздорликни ва ҳисобланган фоизларни ундириш ҳақида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, мазкур кредит бўйича фоизлар, шунингдек, неустойка ҳисобланиши тўхтатилишига оид ўзгартириш ва қўшимча киритилмоқда.

“Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги қонунга жисмоний шахс бўлган қарз олувчига ажратиладиган микроқарз миқдори 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмга оширилишига оид қўшимча киритилмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун аҳоли ва тадбиркорларга микроқарз ёки кредит олишда янги ва кенгроқ имкониятлар яратади.

Н.Абдураимова, ЎзА