Сенат: ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган чоралар кучайтирилади

326

Сенат ялпи мажлисида аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш долзарб вазифа эканига эътибор қаратилди.

– Ўтган йил охиридаги бўлиб ўтган ялпи мажлисда Фарғона ва Наманган вилоятларини ривожлантириш масалаларини кўриб чиқиш доирасида энергетика таъминоти билан боғлиқ тизимли муаммоларни муҳокама қилганмиз, – деди Сенат Раиси Т.Норбоева. – Унда, жумладан, ис газидан заҳарланиш ҳолатларига сабаб бўлаётган муаммолар ҳам қайд этилиб, бу бўйича зарур чоралар кўриш лозимлиги айтилган эди. Масала ҳамон долзарб. ОАВ, ижтимоий тармоқларда ис газидан заҳарланишга оид мудҳиш хабарлар эълон қилинмоқда.

Ушбу масала Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан доимий назоратга олинган. Шу боис, шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида қўмита раиси Қутбидин Бурхонов  ахборот берди.

– Ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олишга оид қонунчиликка риоя қилиниши бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинган, – деди Қ.Бурхонов. – Унда камчиликларни бартараф этишга қаратилган “Йўл харитаси” тасдиқланган ҳамда ижроси юзасидан қатъий назорат ўрнатилган. Хусусан, Фавқулодда вазиятлар, Энергетика, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирликлари, “Ҳудудгаз” ва “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятлари, Тоғ-кон геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ҳамда Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси билан ҳамкорликда тасдиқланган “Йўл харитаси”да аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олишга оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда белгиланган тартибда Ҳукуматга киритиш кўзда тутилган. Бу таклифлар 2023 йил 11 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

Унда печ ва дудбуронларни қуриш ва кўрикдан ўтказиш (шу жумладан, кўп квартирали уйдаги шамоллатиш каналларини ҳам) хизматини кўрсатувчи ташкилотлар фаолиятини тартибга солиш, мавжуд кўп квартирали уйлардаги ва ҳовли уйидаги иситиш жиҳозларининг тутун кетказиш ва шамоллатиш каналларининг ҳолатини мониторинг қилиш, табиий газдан фойдаланиш қоидаларига ва иситиш печларидан фойдаланишда хавфсизликка оид талабларга амал қилмаганларга нисбатан таъсир чораларини қўллаш тартибини такомиллаштириш, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш соҳасидаги хориж тажрибасининг мақбул нормаларини Ўзбекистон шароитида жорий этиш каби чора-тадбирлар, уларни амалга ошириш механизмлари ва ижро муддатлари аниқ белгиланган.

– 2024 йил 31 январь куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида қўмита  қарори ижроси юзасидан тасдиқланган идоралараро “Йўл харитаси”нинг ижроси мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларини жалб қилган ҳолда муҳокама қилиниб, масъулларга қўшимча равишда тегишли кўрсатмалар берилди. Бугун ялпи мажлис кун тартибига киритилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун ҳам фуқароларнинг ис газидан заҳарланишининг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишларнинг узвий давомидир, – деди Қ.Бурхонов.

Сенат ушбу йўналишда кенг жамоатчилик, хусусан маҳаллий кенгашлар депутатлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари ва, энг асосийси, аҳоли билан мулоқот ва ҳамкорликни янада кучайтиради.

Норгул Абдураимова, ЎзА