Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида кўп қиррали муносабатлар сифат жиҳатидан янги, янада юқори босқичга кўтарилди, кўплаб соҳаларда икки томонлама ҳамкорлик ривожланиб бормоқда.

8 февраль куни бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралардан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Қўшма баёнот қабул қилдилар.

Давлат раҳбарлари ҳузурида қатор муҳим икки томонлама ҳужжат ва битимларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирларда иштирок этган Буларусь Республикаси спорт ва туризм вазири Сергей Ковальчук спорт соҳасида амалга ошириладиган ишлар хусусида фикр билдирди:

– Биз Ўзбекистон билан хамкорликда асосий урғуни қишки спорт турларини ривожлантиришга қаратмоқчимиз. Бизда биатлон, хоккей каби спорт турлари яхши ривожланган. Айни шу йўналишда Ўзбекистонда спортчиларни тайерлаш жараёнида фаол иштирок этишга тайермиз.

Ўз навбатида, Ўзбекистонда кучли ривожланган спортнинг бокс, таэквондо, яккакураш турлари бўйича алоқаларни кучайтиришдан манфаатдормиз. Биргаликдаги бундай интеграция халқаро аренага чиқишда катта натижа беради, деб уйлайман.

Истиқболда спорт таълими борасида ҳам катта лойиҳаларни режалаштиряпмиз. Беларусь жисмоний тарбия институти Узбекистондаги жисмоний тарбия университети билан хамкорликда сўнгги беш йилда қушма таълим дастурларини хаётга татбиқ этиб келмоқда. Шунингдек, спорт тиббиёти хам устувор йўналишлардан бири. Бу борадаги лойиҳаларни биргаликда давом эттирамиз ва амалга оширамиз.

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА