Сенат ялпи мажлиси ўз ишини бошлади

Бугун, 2024 йил 9 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллигинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлис видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилмоқда. Шу билан бирга, Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилмоқда.
Мажлис кун тартибига 10 та масала киритилган. Улар орасида “Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонунлар бор.
Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонунлар муҳокама этилади.
Бундан ташқари, Халқаро меҳнат ташкилотининг Иш ҳақини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 95-сонли Конвенциясини (Женева, 1949 йил 1 июль) ратификация қилиш кўзда тутилган.
2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикаси гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларнинг ижроси ҳамда 2024 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилади.
Андижон вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “йўл хариталари”да белгиланган вазифалар ижроси, Тошкент вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳолати таҳлилдан ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таркибига ўзгартиришлар киритиш ҳам кутилмоқда.
Ялпи мажлисда кўриладиган барча масалалар ҳақида ЎзАнинг расмий сайти ва ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари орқали ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!
Норгул Абдураимова, ЎзА