Пойтахтимизда давом этаётган оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатининг олтинчи кунги баҳслари Ўзбекистон терма жамоаси учун омадли кечди.

Бугун, 8 февраль куни Ўзбекистон спорти тарихида оғир атлетика бўйича янги қитъа чемпиони пайдо бўлди. Бундай бахтга терма жамоамиз аъзоси, маҳоратли спортчимиз Сарварбек Зафаржонов эришди.

Мусобақанинг 89 килограмм оғирликдаги баҳсларида иштирок этган Сарварбек Зафаржонов даст кўтаришда 167 килограмм тошни бўйсундириб, олтин медалга сазовор бўлди. Силтаб кўтариш машқларида ҳамюртимиз 195 килограмм натижа билан 4-ўринда қайд этилган бўлса, иккикураш сарҳисобига кўра, 362 килограмм кўрсаткичга эришган ҳолда қитъа чемпионатининг кумуш медалига эга чиқди.

Ушбу вазннинг даст кўтариш курашларида совринли ўринлар эронлик Али Алипур (163) ва қирғизистонлик Эмиль Молдодосов (162) тегишли бўлди. Силтаб кўтаришда олтин, кумуш, бронза медаллари Жанубий кореялик Ю Донгжу (201), Али Алипур (200) ва ўмонлик Амур Салим Алҳанжари (196)га насиб этди.

Иккикурашдаги умумий килограммларда Али Алипур (363), Сарварбек Зафаржонов (362) ҳамда Эмиль Молдодосов (352) етакчига айланиб, “Париж-2024” Олимпиадасининг муҳим рейтинг очколарини жамғарди.

Эртага, 9 февраль куни Осиё чемпионатининг навбатдаги еттинчи кунги мусобақаларида аёллар 87 ва +87 килограммда, эркаклар 102 килограмм оғирликда қитъа чемпионати медаллари учун баҳсларни ўтказади.

Қитъа чемпионатининг ушбу кун дастурида мамлакатимиз шарафини аёллар ўртасида 87 килограммда Нигора Сувонова, +87 кило оғирликда Турсуной Жабборова ҳамда 102 килограмм оғирликда Олимпия ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпиони Акбар Жўраев ҳимоя қилади.

Шу ўринда кичик мулоҳаза. Мамлакатимиз спорт фахри бўлган Акбар Жўраевнинг 109 килограммдан “Париж-2024” Олимпиадаси учун белгиланган 102 килограмм оғирликда илк бор супага кўтарилаётгани халқаро спорт мутахассислари ўртасида қизғин мунозараларга сабаб бўлмоқда.

А.Жўраев ўтган 2023 йил 109 килограммда жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Осиё ўйинларида ушбу вазнда иккинчи ўринни эгаллади. Олимпия йилида унинг 102 килограммга пасайиши ўзини оқлайдими ёки йўқ, эртанги баҳсларда кузатамиз.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА