ГФР канцлери Олаф Шольц таъкидлашича, агар унинг мамлакати Украинага кўрсатилаётган ёрдамнинг ягона манбаи бўлиб қолса, бу “ҳақиқий хавф”га айланиши мумкин.
“Reuters” агентлиги ёзишича, Германия Украинага ёрдам бераётган АҚШдан кейинги иккинчи йирик донор давлат ҳисобланади. Жорий йил Берлин Украинага 7 миллиард евролик ҳарбий ёрдам беришини эълон қилган.
Таиландда денге безгаги билан хасталаниш ҳолати кескин ошган
Таиландда йил бошидан буён 8 минг киши денге безгагига учраб, 13 киши касаллик қурбонига айланди, деб ёзди “the Nation” нашри қироллик Соғлиқни сақлаш вазирлиги касалликларни назорат қилиш департаменти берган маълумотга таяниб.
Хабарда келтирилишича, январь ойида 8 минг 197 киши безгак юқтирган. Бу аввалги йил январь ойидаги ҳолат билан таққослаганда 91 фоиз кўп.
НАТО: иттифоқчилар учун бевосита хавф кўрмаяпмиз
НАТО ҳозир ташкилотга аъзо мамлакатларнинг бирортасига нисбатан, қандайдир, бевосита хавфни кўрмаяпти, деди матбуот анжуманида альянс бош котиби Йенс Столтенберг.
– Биз ҳар доим мудофаа ва тийиб туриш устида иш олиб борамиз, хавфсизлик масаласини эътиборсиз қолдирмаймиз, бироқ айни дам НАТО иттифоқчиларнинг бирортасига нисбатан бевосита хавфни кўрмаяпти , – деди у.
Гутерриш: БМТ Хавфсизлик Кенгаши тарихида
бу қадар чуқур инқироз бўлмаган
– Геосиёсий келишмовчилик туфайли Хавфсизлик Кенгаши боши берк кўчага кириб қолди, айни дамдагидек тарқоқлик кенгаш тарихида ҳали учрамаган, – деди БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Бош Ассамблеяда сўзга чиқиб. – Ҳозирги тарқоқлик кенгашда илк бор кузатилаётгани йўқ, албатта, лекин бу галгиси жуда чуқур ва ўта хавфли.
Покистондаги портлашлар учун ҳеч ким жавобгарликни зиммасига олмади
Чоршанба куни Покистоннинг Белужистон вилоятида содир этилган иккита портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 27 кишига етди, деди “РИА Новости”га маҳаллий мулозим.
– Қурбонлар сони 27 кишига етди, бироқ ҳалигача ушбу хунрезлик учун ҳеч ким жавобгарликни зиммасига олган эмас, – дейилади хабарда.
Нидерландияда Россиянинг 660 миллион евродан ортиқ активи музлатилди
Нидерландияда россияликларнинг 660 миллион евролик активи музлатилган, дея баёнот берди Россия Федерациясининг ушбу мамлакатдаги элчиси Владимир Тарабрин “Россия24” телеканалига берган интервьюсида.
– Нидерландия Евроиттифоқнинг Россияга қарши ташаббусида етакчи бўлишга интилмоқда, – деди элчи. – 11 январь ҳолатида бу мамлакатда РФ жисмоний ва юридик шахсларининг 660 миллион евро қийматга тенг молиявий воситалари музлатилган.
Исроил Ғазода ҳибсга олинган 71 фаластинликни озод қилди
Исроил Ғазо секторида ҳибсга олинган 71 нафар фаластинликни озод қилди.
Улар ҳарбий амалиёт доирасида қамоққа олинган, озод этилганлар орасида 19 аёл ҳам бор, дея маълум қилди Фаластин анклавида чегарадан ўтиш бош бошқармаси масъуллари.
Нью-Йоркда 70 нафар мансабдор шахс қамлди
Нью-Йоркда 70 нафар мансабдор шахс коррупцияда айбланиб қамоққа олинган. Уларнинг кўпи уй-жой қурилиши бошқармаси буюртмачилари ва ходимлари. Бу адлия департаменти тарихидаги энг йирик коррупцияга қарши кураш кампанияси ҳисобланади, дейилади “NBC New York” телеканали тарқатган хабарда.
70 кишига коррупция ва пул ювиш айби қўйилган. Уларга 10-20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши мумкин.
Саидмурод Раҳимов тайёрлади.
ЎзА