Яқинда AҚШнинг “The Hill” кундалик газетасида “Ўзбекистон ва Хитой минтақавий иттифоқни мустаҳкамламоқда” номли мақола эълон қилинди.
Муаллиф фикрича, AҚШ, Россия ва Европа бир вақтнинг ўзида Украина, Ироқ, Сурия, Исроил – Ғазо, Форс кўрфази ва Қизил денгиз, Ямандаги инқирозларни бостиришга (ёки кучайтиришга) уринаётган бир пайтда, Ўзбекистон ва Хитой ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамламоқда.
Маълумки, жорий йил 23-25 январь кунлари, Хитой раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан ушбу давлатда бўлиб қайтди. Тариф доирасида олий даражадаги мулоқотлар, мамлакатнинг етакчи компаниялари ва банк-молия институтлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди.
Ушбу муҳим ташриф ҳақида газета шундай ёзади:
– Хитойнинг Ўзбекистонга киритган сармояси 5 баробар ошиб, 2023 йил якунига кўра 14 миллиард долларни ташкил этди, томонлар яқин келажакда ушбу кўрсаткични 20 миллиард долларга етказишни мақсад қилган. Қўшма корхоналар сони эса уч баробарга ошиб, айни пайт 2300 тани ташкил этмоқда.
Шунингдек, “BYD” компанияси маҳаллий автомобил ишлаб чиқарувчи компания – “UzAuto Motors” билан ҳамкорликда йилига 50 минг дона гибрид моторли электромобил ишлаб чиқариши, кейинчалик тайёр машиналар сонини йилига 300 мингга чиқариш мумкинлиги таъкидланган.
– Тошкент яқинда Ўзбекистонни Aфғонистон орқали Покистон билан боғлайдиган 573 километрлик Трансафғон темир йўли қурилишини қўллаб-қувватлади, бу ерда “қўллаб-қувватлаш” сўзи “молиялаштириш” маъносини англатиши мумкин ва Тошкент мазкур лойиҳани Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки кредитлари ёрдамида амалга оширмоқчи, – дейилади мақолада. – Эътиборли томони, Хитой маҳаллий инфратузилмани ривожлантиришга ҳисса қўшиши мумкин бўлган минтақадаги ягона куч эмас. Сабаби, Саудия Aрабистони ҳам Марказий Осиё давлатлари билан электр энергияси ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда ўзаро шартномалар тузган. Яқин Шарқ сармоядорлари учун очиқлик сиёсати орқали Ўзбекистон Россия ва Хитой, энди эса Эрон ва бой араб давлатлари билан ўртадаги мувозанатни мустаҳкамлаётганини намойиш қилмоқда.
Муаллиф қайд этишича, Ўзбекистон ўз жойлашувидан муваффақиятли минтақавий ёрдамчи ва конвентор бўлиш учун самарали фойдаланмоқда. Демак, мамлакат иқтисодий жиҳатдан тараққий этган давлатлар сафига қўшилиш имконига эга. Шунингдек, Хитойнинг “Экспорт-импорт” банки тез орада Тошкентда Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонасини очиши мумкин.
Ўткир Aлимов, ЎзA