Владимир Путин америкалик журналист, “Fox News” телеканали собиқ бошловчиси Такер Карлсонга интервью берди, дея тасдиқлади чоршанба куни Кремль. “The Wall Street Journal” нашри манбаларга таяниб ёзишича, интервью 8 февраль куни чоп этилиши мумкин.
Такер Карлсоннинг Владимир Путин билан интервью ҳақида гапирган видео мурожаати “Х” ижтимоий тармоғи орқали қарийб 100 миллион марта кўрилган.
Журналист таъкидлашича, “Бу суҳбат жуда муҳим, чунки америкаликлар Россия ва Украинада содир бўлаётган воқеалардан мутлақо бехабар”, деб ёзган “РИА Новости”.
Карлсон ўтган ҳафта Москвага келди. Сешанба куни у ижтимоий тармоқда қуйидаги ёзувни қолдирди:
– Бугун кечқурун биз Россия Президенти Владимир Путиндан интервью оламиз. Тез орада бу ишни қиламиз!
Карлсоннинг сўзларига кўра, интервью ўзининг “Tacker Carlson Network” веб-сайтида, кейинчалик Карлсоннинг 11 миллиондан зиёд кузатувчига эга “Х” ижтимоий медиа сайтида таҳрирсиз эфирга узатилади.
Карлсон “Х” соҳиби Илон Маскка интервьюга тўсқинлик қилмаслик тўғрисида сўз бергани учун миннатдорлик билдирди ва Ғарб ҳукуматлари уни цензура қилишга уринишини кутаётганини айтди.
– Албатта, бундай интервьюни бериш хавфли, – деди Карлсон.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам бу маълумотни тасдиқлади. Сўнгги йилларда Ғарб оммавий ахборот воситалари Путиндан бир неча бор интервью сўраган. Берилган рад жавоблари эса ўша журналистларнинг нохолислиги билан изоҳланган. Шунинг учун ҳам, Песковнинг сўзларига кўра, бундай интервьюлардан маъно йўқ.
Кремль вакили фикрича, Карлсоннинг қараши “бошқаларникидан фарқ қилади, яъни ҳеч қандай россияпарастлик ҳам, украинапарастлик ҳам эмас”.
2016 йилдан 2023 йилгача Такер Карлсон 5 миллиондан кўп томошабинга эга “Fox” сиёсий телекўрсатуви – “Tacker Carlson Tonigh” юлдузи эди. Афсуски, унинг каналдаги фаолияти тўсатдан тугади. 2023 йил 24 апрель куни эрталаб Такер Карлсон “Fox News”дан ҳайдалди.
Ш.Тоштемирова, ЎзА