“Zakon.kz” ахборот порталининг ёзишича Олмаота шаҳрининг Медеу туманида содир бўлган кўчки оқибатида иккита уйни тупроқ босиб қолган.
Олмаота фавқулодда вазиятлар департаменти кўчкининг дастлабки сабабларини маълум қилди. Унга кўра кўчки техноген хусусиятдаги тупроқнинг ботқоқланиши туфайли содир бўлган. Кўчки оқибатида 17 ёшли йигит ҳалок бўлган.
Шунингдек, бошқарма томонидан тўрт кишини, жумладан, икки болани қидириш давом этаётгани маълум қилинди. Қутқарув ишлари уйларнинг яқинлиги ва асбоб-ускуналардан фойдаланиш имконияти йўқлиги боис мураккаб бўлиб турибди.
Яқин атрофдаги уйларда яшайдиган аҳоли эвакуация қилинди. Қабул қилиш пунктига жойлаштирилганидан бир неча соат ўтгач, улар ўз ташаббуслари билан дўстлари ва қариндошларининг уйларига кетишган.
Воқеа жойида тиббиёт гуруҳи, фавқулодда вазиятлар бошқармасининг психологик гуруҳи, қутқарув хизмати ишламоқда. Қутқарув ишларига 170 киши ва 30 та техника жалб қилинган.
Н.Мардонов, Д. Якубов (видео), ЎзА