Болгариянинг София шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасида ўтказилган “Strandja” халқаро турнирида чорак финал баҳслари кутилмаган натижаларга бой бўлди

Ушбу босқичда 7 нафар боксчимиз ярим финал йўлланмаси учун рингга кўтарилди. Улар орасида вазни -51 кг. бўлган Асилбек Жалилов ирландиялик Несбитт Риcкейни, -71 кг. вазнда Иқболжон Холдоров мўғулистонлик Бямба-Эрдене Отгонбаатарни, -75 кг. вазн тоифасида Фазлиддин Эркинбоев грузиялик Гиорги Ҳарабадзени, ушбу йўналишдаги иккинчи чарм қўлқоп устамиз Жавоҳир Умматалиев эса украиналик Жамал Кулииевни мағлубиятга учратиб, 1/2 финалга йўл олди. Афсуски, Шодиёржон Мелиқўзиев, Аълохон Абдуллаев ва Нусрат Тоҳиров ўз вазн тоифаларида рақибларига имкониятни бой бериб қўйди.

Бугун, 8 февраль куни мусобақа доирасида эркаклар ва аёллар орасида чорак финал беллашувлари давом эттирилади. Унда Ўзбекистон терма жамоасининг 5 нафар вакили иштирок этади.

Аёллар:

-50 кг. Сабина Бобоқулова – Венелина Поптолева (Болгария);

-57 кг. Ҳуморабону Мамажонова – Сакши (Ҳиндистон);

Эркаклар:

-86 кг. Самандар Жалолов – Жугно (Ҳиндистон);

-92 кг. Мадиёр Саидраҳимов – Марлей Жак (Ирландия);

+92 кг. Жаҳонгир Зокиров – Сагар (Ҳиндистон).

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА