Велоспорт бўйича Остона шаҳрида “Қозоғистон қишки очиқ чемпионати” ўтказилмоқда. Мусобақанинг илк кунида Ўзбекистон велоспортчилари учта медални қўлга киритди.
“Қозоғистон қишки очиқ чемпионати” мусобақасининг спринт ва жамоавий пойга беллашувларида ёш қизларимиз жамоавий пойгада тенгсиз бўлди. Йигитлар ўртасидаги жамоавий пойгада эса велоспортчиларимиз кумуш медалга сазовор бўлди. Шунингдек, улар жамоавий спринтда бронза медалига эга чиқди.
Маълумот учун, бугун Мадина Қаҳҳорова, Анна Кускова, Нафосат Қозиева, Янина Кускова, Маргарита Мисюрина ва Ольга Забелинская каби иқтидорли велопойгачилардан иборат бўлган “Tashkent City Professional Womenʼs Cycling Team“ жамоамиз Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида “ UCI Womenʼs World Tour“ доирасидаги учинчи пойга – ”UAE Tour“да иштирок этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА