Расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко 8 февраль куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюрди.

Олий мартабали меҳмон муҳташам бадиий обида – Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.

Александр Лукашенко ушбу муаззам боғнинг бунёд этилиш тарихи билан танишди. Мустақиллик монументида акс эттирилган буюк алломалар, қаҳрамон саркарда ва жаҳонгирлар, жадид боболаримиз ҳақида сўзлаб берилди.

Делегация аъзолари “Янги Ўзбекистон” мажмуасининг ғоявий ва меъморий ечимларига эътибор қаратди.

Бу ердаги спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари, амфитеатр, фавворалар, ноёб дарахт ва гул-чечаклар уйғунлиги одамларнинг баҳри дилини очади.

Миллий давлатчилигимизнинг теран тарихи, халқимизнинг бағрикенг, меҳмондўст ва бунёдкорлигини ифода этган бу мажмуа ҳамиша гавжум.

Икром АВВАЛБОЕВ,

Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА