Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳобов Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Амира Фаҳмий билан учрашув ўтказди. Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорлик истиқболи муҳокама қилинди.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил февраль ойида Қоҳирага ташрифидан сўнг эришилган икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг самарали натижалари қайд этилди. Ўшанда турли соҳалар бўйича шерикликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш, газ-кимё, тўқимачилик, электротехника, заргарлик ва фармацевтика саноати каби муҳим йўналишларга ўзаро инвестиция жалб қилиш бўйича келишувларга эришилган.

Шунингдек, маданий-гуманитар алоқани чуқурлаштиришда аввал эришилган келишувлар муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Араб тили бўйича мутахассис тайёрлаш мақсадида ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, жорий йил икки давлат саъй-ҳаракати билан арабшунослар Глобал форумини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилгани қайд қилинди.

Долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди. БМТ, ИҲТ, ШҲТ каби халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш анъанавий тус олгани эътироф этилди.

Учрашув якунида томонлар умумий минтақавий устуворликни илгари суриш мақсадида илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида алмашинувни фаоллаштиришга келишиб олдилар. Дипломат МОХИ ва Мисрдаги етакчи таҳлил марказлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга кўмак учун тайёрлигини билдирди.

Ғ.Хонназаров, ЎзА