ЎзА аввал хабар қилганидек, бугун – 2024 йил 7 февралга Озарбайжонда мамлакат президентлиги учун навбатдан ташқари сайлов ўтказилиши белгиланган. Айни пайт хориждаги, жумладан Ўзбекистонда яшаётган озарбайжонликлар ҳам мамлакатнинг эртанги куни, келажаги учун муносиб номзодга овоз бермоқда.
Ушбу қардош давлатнинг мамлакатимиздаги элчихонасида ташкил этилган махсус сайлов участкаси эрта тонгдан мазкур муҳим сиёсий воқеани уюшқоқлик билан ўтказиш учун иш бошлади. Тошкент вақти билан 8.00 дан бошлаб Ўзбекистонга ишлаш, ўқиш ёки бизнес юритиш учун келган, саёҳат қилиш ва бошқа турли мақсадларда вақтинча юртимизда бўлиб турган Озарбайжон фуқаролари элчихона биносига келиб, ўзлари танлаган номзодни қўллаб-қувватлаб овоз бермоқдалар.
Элчихона масъул ходими маълум қилишича, ушбу сайловда қатнашиш ҳуқуқига эга 300 нафардан ортиқ сайловчи рўйхатга олинган. Айни пайтгача уларнинг 200 дан кўпи ўз танловини ифодалаб бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон Президентлиги учун етти нафар номзод, жумладан амалдаги давлат раҳбари Илҳом Aлиев ҳам даъвогарлик қилмоқда.
Ғ.Хонназаров, ЎзА