Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлимининг Кўргазма саройида Қорақалпоғистон халқ рассоми, “Шуҳрат” медали соҳиби, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳақиқий аъзоси, академик Сарсенбай Байбосиновнинг “Позитив” номли шахсий кўргазмаси очилди.
Мазкур кўргазмада рассомнинг 100 га яқин турли жанр ва услубларда яратган асарлари ўрин олган.
Иқтидорли рассом рангтасвир, графика кўринишидаги композицияларини, сўнгги йилларда яратган бир қатор асарларини томошабинларга тақдим этмоқда. Ушбу картиналар турли тематика ва кўламда, ўзгача услубларда яратилган бўлиб, рассомнинг ҳаёт ҳамда инсоннинг маънавий дунёси борасидаги ички кечинмалари, туйғулари ранглар орқали ифода қилинган.
Кўргазмани ташкил этишдан мақсад томошабинларни, асосан, ёшларни таниқли рассомнинг асарлари билан яқиндан таништириш орқали тасвирий ва амалий санъатга бўлган қизиқишни ошириш, моҳирлик билан ишланган ранглар гармонияси орқали ихлосмандларга эстетик завқ бағишлашдан иборат.
Картиналарда атроф-муҳит ўзгача бир ёруғлик билан тўлиб-тошиб тургандек гуё. Рассом ўз асарларида ажойиб ранглар билан безатилган ғаройиб дунёни яратади. Унинг асарларида ҳаттоки қуёш ҳам алоҳида ёруғлик таратади.
Унинг асарлари мутахассисларда ҳам, оддий ихлосмандда ҳам қизиқиш уйғотади. Улар барчага бирдек тушунарли, ҳаётни турли ранглар орқали кўрсата олиши инсонни хурсанд қилади. Рассом картиналари сирлилиги, рангларнинг уйғунлиги билан ажралиб туради.
Рассом С.Байбосинов мамлакатимиздаги ва бир қатор чет давлатлардаги кўргазмалар иштирокчиси. Унинг меҳнатлари муносиб баҳоланиб, Ўзбекистон Бадиий академияси Олтин медали, “Шуҳрат” медали, Қорақалпоғистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳақиқий аъзоси, академик унвонлари билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА