Ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидаги Марказий клиник шифохона ёпилаётгани, ҳозир даволанаётган беморлар ўз ҳисобидан шприц ва дори-дармонлар сотиб олаётгани кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.

Мазкур хабар юзасидан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилди.

Қайд этилишича, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти таркибига қирувчи барча тиббиёт муассасалари мамлакатимизда темир йўлчилар ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда давом этмоқда. Хусусан, ҳозирги кунда Марказий клиник шифохонада қабулхона, реанимация ва интенсив терапия, асаб касалликлари, юрак касалликлари, кўз касалликлари, қулоқ, томоқ, бурун касалликлари, ички касалликлар, меъда ичак касалликлари ва жарроҳлик бўлимлари, функционал диагностика, физиотерапия ва бошқалар фаолият кўрсатмоқда.

Бугунги кунга қадар мазкур муассасаларда 234 нафар бемор даволанмоқда. Уларнинг 139 нафари темир йўл ишчилари, 95 нафари пуллик асосда даволанмоқда. Беморларга дори-дармонлар талабномага мувофиқ, белгиланган дорилар формулярига асосан шифокор кўрсатмасига биноан бепул берилмоқда.

Даволанаётган беморлар билан суҳбат ўтказилганда шифокорлар томонидан малакали тиббий хизмат кўрсатилаётгани, зарур дори-дармонларнинг мавжудлиги, хоналар озодалиги ва тиббий ходимларнинг хушмуомалалиги таъкидланган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган, Марказий клиник шифохонанинг ёпилаётгани тўғрисидаги маълумотлар асоссиз.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА