Давлат дастури лойиҳаси муҳокамада

Шу кунларда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Халқимиз, турли соҳа вакиллари ва ёшлар лойиҳа юзасидан ўз таклифларини тақдим этмоқда.

ЎзЛиДеП, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамкорлигида ўтказилган “Давлат дастури лойиҳаси – ЎзЛиДеП ёшлари нигоҳида” мавзусидаги учрашув ҳам айни масалага бағишланди.

Учрашувда қайд этилганидек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган кенг кўламли ислоҳотларни 2024 йилда самарали амалга ошириш, халқимизнинг кундалик ҳаётида ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича тизимли ҳаракатларни изчил давом эттириш, «яшил» иқтисодиёт тамойилларига асосланган юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, экологик ҳолатни яхшилаш, ёшларни қўллаб-қувватлаш каби масалалар Давлат дастури лойиҳасида алоҳида ўринга эга. Дастур лойиҳасида илгари сурилган ташаббуслар ҳаётийлиги билан ажралиб туради.

— Ёшлар ўртасида тадбиркорликни кенг оммалаштириш ва бизнес билан шуғулланишга қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида Давлат дастури лойиҳасида оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизини ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтириш кўзда тутилган, — деди ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси бўлим мудири Отабек Собитов. — Бундан ташқари, 2024 йил 1 июндан бошлаб “Ёш тадбиркор” танловини ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади ҳамда танловнинг илк маротаба “маҳалла – туман – вилоят – республика” босқичларида ёшларнинг истиқболли бизнес лойиҳа ва ғоялари сараланади. Республика босқичида саралашдан ўтган ҳар бир лойиҳага базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 бараваригача миқдордаги имтиёзли кредитлар ажратилади ва кредит ставкасининг 50 фоизи қоплаб берилиши йўлга қўйилади. Ғолиб бўлган бизнес лойиҳа ва ғоялар эгалари Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан хорижий давлатларга малака оширишга юборилиши ёш тадбиркорлар сафини кенгайтиришга хизмат қилади. Бу каби мақсад-вазифалар партиямизнинг дастурий мақсадларига мос ва ҳамоҳангдир.

Учрашувда сўз олганлар ҳужжат лойиҳасида ёшларни замонавий касбларга ўқитиш бўйича “Устоз” махсус платформаси ишга туширилиши ва мазкур платформа орқали 150 минг нафар ёшлар қамраб олиниши борасидаги вазифаларга тўхталди. Бу келажагимиз эгаларининг касб-ҳунарли бўлишида муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари жамоатчилик томонидан келиб тушаётган таклифлар хусусида ҳам тўхталиб ўтди. Ёшлар 9 февраль кунига қадар давом этадиган муҳокамаларда Давлат дастури лойиҳасига ўзларининг таклиф-мулоҳазалари билан фаол иштирок этиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Муҳтарама Комилова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА