АҚШ “USAI” дастури доирасида қурол бозоридан сотиб олинган ҳарбий техникани Украинага етказиб беришда давом этмоқда, деди Пентагон расмий вакили ўринбосари Сабрина Сингх.
– Дастур доирасидаги айрим узоқ муддатли шартномалар ижроси давом этяпти, – деди у брифингда. – Тўлиқ рўйхат ҳозир қўлимда эмас, лекин қатор келишувлар бир неча йилга мўлжалланган. Шулар асосида зарур воситалар Украинага етказилмоқда.
USAI “PDA” ташаббусидан фарқли ўлароқ, Пентагон омборидан эмас, балки бозордан янги қурол-яроқ харид қилишни кўзда тутади.
Америка ҳукумати таъкидлашича, декабрда Украинани қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағ тугаган. Конгресс янги молиявий ёрдамни тасдиқламас экан, қурол ва ўқ-дори билан таъминлаш имкони йўқ.