Британия РФ ҳужумини қайтаришга тайёр(ми?)
Буюк Британия, Россия ҳужум қиладиган бўлса, қайтаришга тайёр, деди Бирлашган Қироллик Бош вазири Риши Сунак “TalkTV” телеканалига берган интервьюсида.
– Ҳа, умумий хавфсизлигимизни кафолатлаш вазифамиз, биз мудофаа харажати миқдори бўйича НАТОда иккинчи мамлакатмиз – қўшимча қилган Сунак. – Москва Ғарб билан қарама-қаршиликда стратегик мағлубиятга учради, чунки Украина можароси НАТО аъзоларини янада жипслаштирди.
Жанубий Судан. Тўқнашувда 26 киши ҳалок бўлган
Жанубий Судандаги тўқнашув маҳаллий гуруҳлар ўртасида ер ва табиий захира талашиш натижасида юз берган, деб ёзди “Рейтер” агентлиги.
– Қуролланган ёшлар Вароб штатида полиция идорасига, Ғарбий Баҳр Ал-Ғазал штатида бозорга ҳужум уюштирди, – дейилади хабарда.
Истанбулда суд биносига ҳужум қилганларнинг учинчиси ушланди
Истанбулда суд биносига бостириб кирган учинчи шахс ҳам қўлга олинди, у жароҳатланган, деб хабар тарқатди “Sabah” газетаси.
Сешанба куни бир эркак ва бир аёл Истанбулдаги суд биноси қўриқчилари турган хонага ҳужум уюштирган. Отишма натижасида улар йўқ қилинган. Туркия ички ишлар вазири Али Эрлиқоя баёнот беришича, ҳужумчилар Туркияда террор тузилмаси сифатида тан олинган “DHKP-C” – Инқилобий халқ озодлик партия-жабҳаси аъзолари.
Хусийлар Британия кемасига ҳужум қилган
Буюк Британия денгиз савдо амалиёти бошқармаси маълум қилишича, Аден порти яқинида Хусийлар Британия кемасига ҳужум уюштирган.
Бошқарма кемаларга ушбу ҳудудда эҳтиёт бўлиб сузишни тавсия қилмоқда.
НАТО аскарлари Польшада машқ қилишади
НАТО аскарлари Польшада ўтадиган “Dragon-2024” машқида қатнашади. Мазкур ҳарбий тадбирга 20 минг аскар, 3 500 техника жалб қилинади, деб хабар тарқатди республика қуролли кучлари бош штаби.
Ҳарбийлар изоҳ беришича, ушбу машғулот “Польша армиясининг қуролли инқирозга тайёр туриш имкониятини кўриб чиқиш”дир.
Нуртлеу ТИВ раҳбарлигида қолди
Қозоғистон ҳукумати тарқатиб юборилгандан кейин Мурат Нуртлеу ўз лавозими – Бош вазир ўринбосари ва ташқи ишлар вазири лавозимини сақлаб қолди, дея маълум қилди мамлакат президенти матбуот хизмати.
ЖССТ: Африкада вабо тез тарқаляпти
Январь ойида Африканинг 10 мамлакатида 26 мингга яқин вабо билан касалланиш, 700 ўлим ҳолати қайд этилган.
Хасталик бошқа давлатларга тарқалиши эҳтимоли жуда юқори, деб баёнот берди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Африка бюроси вакили Фиона Брака.
Унинг қўшимча қилишича, айни дам офат ўчоғи сифатида Замбия, Зимбабве, Мозамбик, Танзания, Конго Демократик Республикаси, Эфиопия ва Нигерия давлатлари эътироф этилмоқда.
Ҳиндистонда завод портлаб, ўндан зиёд ишчи ҳалок бўлди
Ҳиндистондаги пиротехника заводида содир бўлган портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 11 кишига етди, ҳодиса оқибатида, тахминан, 60 киши жароҳат олган, деб ёзди “Times of India” газетаси.
Таъкидланишича, одамлар портлашдан кейин бошланган саросима қурбонига айланган. Нашр маълум қилишича, завод ноқонуний фаолият юритган.
Грузия Президенти истеъфога чиқмайди
Грузия Президенти Саломе Зурабишвили ҳар йили парламент олдида ҳисобот беради. Бу галги маъруза унинг сўнгги чиқиши ҳисобланади. Зурабишвилининг муддати 2024 йил кузда ниҳоясига етади.
– Кимлардир, эҳтимол, хафа қилиш, сиқувга олиш мени синдириши, халқ қаршисида берган қасамёдимдан воз кечишга мажбур қилишидан умидвордир, – деди у. – Аксинча, мен бугун ўша онтнинг улкан кучини ҳис қиляпман ва охиригача қасамёдимга, конституцияга содиқ қоламан.
Киев F-16 самолётларини қабул қилишга тайёрланмоқда
Украина миллий хавфсизлиги ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов “24-канал” телеканали орқали баёнот беришича, мамлакатда F-16 қирувчи самолётларини қабул қилиш инфратузилмасини ҳозирлаш давом этяпти.
Январь ойи охирида Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги маслаҳатчиси Юрий Игнат ҳамкорлар Киевга “F-16” қирувчи самолётларини беришга тайёр, бироқ бизда учоқларни қабул қилиш учун инфратузилма тайёр эмас, дея баёнот берган эди.
Саидмурод Раҳимов тайёрлади.
ЎзА