Ўрмон фонди республика умумий ер майдонининг 26,4 фоизини ташкил этади

Бугунги оғир экологик вазиятда яшил ҳудудларни кенгайтириш, ўрмон фондини кўпайтириш энг асосий ечимлардан бири ҳисобланади. Бу борада “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида ҳам республикада ўрмон билан қопланган майдонларни 6,1 миллион гектарга етказиш, дарахт ва бута уруғлари тайёрлашни 840 тоннага ошириш мақсадлари кўзда тутилган.

Бугунги кунда юртимиздаги ўрмон фонди ерлари 1 миллион гектарга кенгайиб, 11,9 миллион гектарни, яъни республика умумий ер майдонининг 26,4 фоизини ташкил этади. 5 миллион 300 минг гектар майдон ўрмонзор билан қопланган ҳудуд ҳисобланади.
3,5 миллион гектар майдоннинг 2,2 миллион гектари табиий, 1,2 миллион гектари маданий ўрмонзорлардир.
Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан 2023 йилда 235 минг гектар майдонда ўрмон барпо қилиш ва қайта тиклаш тадбирлари бажарилган. Ўрмон фонди ерларининг фойдаланилмаётган 7 минг 12 гектар майдони ўзлаштирилган.
Оролбўйи ҳудудларининг экололик барқарорлигини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида 127,8 минг гектар, Бухоро вилоятида 40,6 минг гектар, Навоий вилоятида 43,7 минг гектар ва Хоразм вилоятида 10,6 минг гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан “яшил қопламалар” барпо этилган.
Бу ҳақда парламент қуйи палатасидаги эшитувда Ўрмон хўжалиги агентлиги директори Н.Бакиров маълум қилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА