Ўқув автодромини жиҳозлашга доир қоидалар белгиланди

Адлия вазирлиги томонидан Автомототранспорт воситаларида амалий машғулотлар ва имтиҳонларни ўтказишга мўлжалланган ўқув автодромига қўйиладиган талаблар давлат рўйхатидан ўтказилди.
Ушбу талабларда автомототранспорт воситаларида амалий машғулотларни ва имтиҳонларни ўтказишга мўлжалланган ўқув автодроми ва уни жиҳозлашга доир қоидалар белгиланди.
Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш билан шуғулланувчи таълим ташкилотлари ўқув автодромидан ҳайдовчиликка номзодлар билан амалий машғулотлар ва имтиҳонларни ўтказиш учун фойдаланади.
Бундан ташқари, ушбу ҳужжатда ўқув автодромига нисбатан айрим талаблар белгиланди. Унга кўра, ўқув автодромида ўлчами камида 50х15 метр бўлган майдонча бўлиши зарур. Автодромнинг йўллари асфальт ёки цемент бетон билан қопланган ва сув тўпланиб қолишининг олдини олиш имконини берадиган ҳолатда бўлиши керак.
Ўқув автодромининг йўллари светофор, йўл белгилари, йўл чизиқлари, тик баландликка кўтарилиш қурилмалари (эстакада) билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ўқув машғулотларини масофадан назорат қилиш, ҳайдовчиликка номзодларнинг хато ва камчиликларини таҳлил қилиш учун ўқув автодроми аудио ва видеокузатув тизими билан жиҳозланиши лозим.
Ўқув автодроми унга бегона шахслар ва ҳайвонлар киришининг олдини олиш мақсадида 2 метрдан кам бўлмаган баландликдаги девор ёки панжара (металл тўсиқ) билан жиҳозланган бўлиши зарур.
Ўқув автодромида ҳайдовчиликка номзодлар учун қулай бўлган жойда зарур маълумотлар келтирилган ахборот стенди ёки электрон монитор ўрнатилиши жоиз. Жумладан, ўқув автодромига кириш ва чиқиш йўлининг кенглиги енгил автомобиллар ва мототранспорт воситалари учун 3 метрдан, юк автомобиллари ва автобуслар учун 4 метрдан кам бўлмаслиги керак.
Ўқув автодроми ҳудудида тунги ёритгичлар ўрнатилган, бино ва иншоотлар ёнғин хавфсизлиги талабларига мос бўлиши талаб этилади. Шунингдек, ҳудудда ичимлик суви ва ҳожатхона бўлиши шарт.
Н.Абдураимова, ЎзА