“Киодо” агентлиги Япония пойтахти ўт ўчириш ва тез ёрдам хизмати маълумотига таяниб ёзишича, Токиода қалин қор ёғиши ортидан 120 дан зиёд одам касалхонага тушган. Маълум бўлдики, жароҳатланганларнинг аксарияти музлама йўлда йиқилган. Жабрланганлар 4 ёшдан 92 ёшгача экани таъкидланган.
Ноқулай об-ҳаво юқори чўққисидан ортга чекинаётганига қарамай, 2 400 хонадон ҳамон электр таъминотига уланмаган. Хусусан, Сайтама, Канагава, Яманаси ва Нагано префектураларида одамлар уйида чироқсиз ўтирибди. Токиодаги Ханэда аэропорти 30 дан ошиқ рейсни бекор қилишга мажбур бўлди. Қатор автомобиль трассалари ёпилган, поезд қатновида ҳам узилиш кузатиляпти.