IT соҳасида хотин-қизлар имконияти кенгаймоқда

325

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, билимини ошириш, бандлигини таъминлаш, дунёқарашини кенгайтириш, қизиқиш ва лаёқатига қараб йўналиш танлашига кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада халқаро ташкилотлар томонидан ҳам қатор хайрли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан Ўзбекистонда IT соҳасида хотин-қизлар ҳуқуқи ва имкониятини кенгайтиришга қаратилган илғор ташаббуслар оммалаштирилмоқда.

Тошкентдаги IT Parkда бўлиб ўтган навбатдаги шундай тадбирда USAIDнинг гендер тенглик ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқи ва имкониятини кенгайтириш бўйича бош мувофиқлаштирувчиси Жамила Бигио, шунингдек “Tumaris.Tech” ва “FoundHer” лойиҳаларининг муваффақияти ҳамда секторда хотин-қизлар ўрнини кучайтиришга таъсирини кўрсатиш мақсадида IT Park, “Plug and Play” вакиллари қатнашди.

Анжуманда мамлакатимиз хотин-қизлари соҳада эришаётган ютуқлар, тегишли лойиҳалар натижаси намойиш этилди.

2020 йил июнда IT Park томонидан USAIDнинг тадбиркорлик ва бизнес муҳитини ривожлантириш ташаббуси кўмагида йўлга қўйилган “Tumaris.Tech” ахборот технологиялари секторида тадбиркор хотин-қизлар имкониятини кенгайтириш мақсадида ишлаб чиқилган инновацион дастур ҳисобланади. Ўтган икки йил давомида лойиҳа нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё давлатларидан ҳам иштирокчиларни жалб этиб, 200 дан зиёд аёлни ўқитиш, 46 та стартап лойиҳани қўллаб-қувватлаш ва 50 хил технологик маҳсулотни ишга тушириш орқали фаолияти ҳудудини кенгайтирди.

Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтирилган “FoundHer” ташаббуси эса юртимизда истиқболли бизнес ғояларини излаш билан шуғулланиб, олти ой давомида тармоқни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшди. Лойиҳа Марказий Осиёда ахборот технологиялари соҳасида хотин-қизлар учун тенг шарт-шароит яратишга кўмаклашди. Тренинглар ташкил қилиш, мураббийларни шакллантиришга ёрдам берди. Иштирокчилар ўтган йил Кремний водийсига сафар уюштириш, АҚШда ўтган Қишки саммитда иштирок этиш имконига эга бўлди.

– Хотин-қизлар бошчилигида амалга оширилаётган ишлар самарасини таҳлил қиларканмиз, натижа қувонарли эканини таъкидлашимиз керак. – деди Жамила Бигио хоним мазкур лойиҳалар юзасидан фикр, мулоҳазасини билдираркан. – Бу учрашув инновацион ютуқларимизни намойиш қилиши баробарида аёллар стартапи экотизимини ривожлаништиришда уларнинг роли, қатъияти, ноодатий фикрлаши ва иродасини ҳам яққол кўрсатяпти. Инновация ва барқарор ривожланишни рағбатлантиришда гендер хилма-хилликнинг таъсири кучли. Ўзбекистонда стартап соҳасида иқтидорли, етакчиликка интилувчи хотин-қизлар сафи тобора кенгайиб бораётгани таҳсинга лойиқ.

Тадбир давомида соҳада фаолият юритаётган хотин-қизлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди, ютуқлар эътироф этилиб, камчиликлар таҳлил қилинди.

Гўзал Сатторова,

Рустам Назарматов (сурат), ЎзА