Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигида йиғилиш бўлиб ўтди.

Вазирлик марказий аппарати, ҳудудий бошқармалар ҳамда тизимдаги ташкилотлар раҳбарияти иштирок этган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий соҳалардаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалалар ҳақида сўз борди.

Маданият вазири Озодбек Назарбеков кейинги йилларда мамлакатимизда маданият ва санъатни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бунинг учун зарур ресурслар ажратилаётганини эътироф этди. Шу билан бирга, соҳа вакиллари олдида турган долзарб вазифалар ҳақида батафсил тўхталди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда тизимдаги муаммолар, уларни юзага келтираётган омиллар, камчиликларни бартараф этиш учун тизимдаги оддий ходимдан тортиб раҳбарларгача бир тан-у бир жон бўлиб меҳнат қилиши кераклиги таъкидланди.

Жумладан, 2024 йил давомида давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқларни ўз вақтида бажариш, ижро интизомига амал қилиш, ҳудудлар кесимида “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш каби қатор масалалар муҳокама қилиниб, масъулларга бу борада талаб қаттиқ бўлиши эслатилди, дейилади тузилма ахборот хизмати хабарида.

Н.Усмонова, ЎзА