Нукусда Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан амалга оширилаётган “Ижтимоий ўзгаришлар даврида оммавий ахборот воситаларининг ўрни” лойиҳаси доирасида “Динлараро ва бир дин ичидаги бағрикенглик масалалари” мавзусида мулоқот ташкил этилди.

Тадбирда диний конфессиялар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.

Мазкур лойиҳа ўтган 2023 йилда бошланган бўлиб, унга Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Наманган, Фарғона, Хоразм вилояти ва пойтахт Тошкент шаҳри тажриба тариқасида қамраб олинган эди. Лойиҳанинг дастлабки босқичида мазкур ҳудудларда фаолият кўрсатаётган журналистлар, блогерлар ва фуқаролик жамияти вакиллари учун диний бағрикенглик масалалари бўйича билим ва салоҳиятни оширишга қаратилган семинар-тренинглар ўтказилди.

Январь ойида Тошкент шаҳрида ва бугун Нукус шаҳрида ташкил қилинган мулоқотларга тарихчи олим ва экспертлар ҳам жалб қилинди. Иштирокчилар динлараро муносабатларнинг моҳияти ҳамда вазифалари, бу борада юзага келиши мумкин бўлган зиддиятлар, уларни бартараф этиш  чоралари  тўғрисида фикр ва мулоҳазалар билдирди. Ал-Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди Бахтиёр Алимжонов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси  Археология институти  катта илмий ходими Элдор Асанов қатнашчиларга дунёвий давлатда диний ташкилотларнинг фаолият юритиши масалалари, муаммолар ва уларнинг ечимлари, динлараро ва бир дин ичидаги муносабатларда бағрикенглик тушунчаси, мамлакатимиздаги турли динлар илдизлари, тарихи ва бугунги кундаги ривожланиши бўйича илмий асосланган маълумотларни тақдим этди.

– Мулоқот турли динга эътиқод қилувчилар бир даврага жамланганлиги билан аҳамиятли бўлмоқда, – дейди лойиҳа медиа-тренери, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети доценти, филология фанлари доктори Наргис Қосимова. – Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни асраш, уни кенг тарғиб қилишда оммавий ахборот воситалари, хусусан журналистлар ҳамда блогерлардан етарли билим ва тажриба талаб этилади.

Тадбир иштирокчилари Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад Ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти ҳамда Нукус шаҳридаги православ храмига ташриф буюрди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),  

ЎзА мухбирлари