Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил 29 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва сув йўқотишларини камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борада бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилган эди.
Ушбу топшириқ ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикасида 2023/2024 йилларда 267,7 километр магистраль каналларни бетонлаш ва реконструкция қилиш ишларини бажариш белгиланди. Шундан республика бюджет маблағлари ҳисобидан 119,3 километр узунликдаги 10 объектда ҳамда қўшимча 3 километр 1 та объектда бетонлаш ишлари амалга оширилади. Бундан ташқари, кластер ва фермер хўжаликлари ҳисобидан 1000 километр ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш олиб борилади.
Белгиланган режага кўра, бетонлаштириладиган ички ариқлар белгиланиб, хўжаликлар кесимида хариталар ишлаб чиқилди. Бетонлаш ишларида ҳар бир туманга масъул вакиллар ҳамда лойиҳачи ташкилотлардан масъул ходимлар бириктирилди.
Биринчи босқичда Нукус туманидаги “Бўзатов” каналининг 18,6 километр қисмида реконструкция ишлари олиб борилиши назарда тутилган. Умумий узунлиги 46,7 километрни ташкил этадиган каналнинг лойиҳавий сув ўтказиш қобилияти секундига 52,2 метр кубни ташкил қилган. Лекин, кейинги йилларда канал лойқа билан кўмилиб, натижада сув ўтказиш даражаси секундига 26 метр кубга тушиб, туб қисми 1,8-2,2 метргача лойқа билан кўмилиб қолган эди. Ҳозирга қадар пудратчи ташкилот – “Бунёдкор мерос” масъулияти чекланган жамияти томонидан каналнинг 3,26 километр қисмида тупроқ ишлари бажарилди. Объектдаги қурилиш ишларига жами 30 га яқин махсус техника ҳамда 36 нафар ишчи-ходим жалб қилинган.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА